ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИ ҲУЗУРИДАГИ «ЎЗАРХИВ» АГЕНТЛИГИ БОШ ДИРЕКТОРИНИНГ

БУЙРУҒИ

АРХИВ ҲУЖЖАТЛАРИ ДАВЛАТ АРХИВЛАРИГА ТОПШИРИЛИШИ ЛОЗИМ БЎЛГАН КОРХОНАЛАР, МУАССАСАЛАР ВА ТАШКИЛОТЛАРНИНГ РЎЙХАТИНИ ТУЗИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 19-сон, 214-модда)

[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2012 йил 11 майда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2360]

Ўзбекистон Республикасининг «Архив иши тўғрисида»ги Қонунига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 24-25-сон, 192-модда) ва Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 3 февралдаги 49-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 5-сон, 53-модда) билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўзархив» агентлиги тўғрисидаги низомга мувофиқ буюраман:

1. Архив ҳужжатлари давлат архивларига топширилиши лозим бўлган корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг рўйхатини тузиш тартиби тўғрисидаги низом иловагамувофиқ тасдиқлансин.

2. Ушбу буйруқ Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб ўн кун ўтгандан кейин кучга киради.

Бош директор А. АБДУЛЛАЕВ

Тошкент ш.,

2012 йил 9 апрель,

29-сон

«Ўзархив» агентлиги Бош директорининг 2012 йил 9 апрелдаги 29-сон буйруғига
ИЛОВА

Архив ҳужжатлари давлат архивларига топширилиши лозим бўлган корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг рўйхатини тузиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг «Архив иши тўғрисида»ги Қонунига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 24-25-сон, 192-модда) мувофиқ архив ҳужжатлари давлат архивларига топширилиши лозим бўлган корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг рўйхатини тузиш ва юритиш тартибини белгилайди.

I. Умумий қоидалар

1. Архив ҳужжатлари давлат архивига топширилиши лозим бўлган корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар рўйхатига киритилган корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар (бундан буён матнда ташкилотлар деб юритилади) давлат архивларининг асосий жамлаш манбалари ҳисобланади.

2. Давлат архивларининг асосий жамлаш манбалари таркибига фақат юридик шахслар киритилади.

3. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

давлат архивининг жамлаш зонаси — давлат архиви фаолияти татбиқ этиладиган ҳудуд;

ҳужжатли фонд ташкил этувчи — фаолиятида ҳужжатли фонд ҳосил бўладиган юридик шахс;

Эксперт-текширув комиссияси (ЭТК) — давлат архивлари, ҳудудий архив иши бошқармаларида бошқарув (иш юритиш), илмий-техника ва бошқа махсус ҳужжатлар қимматлилиги экспертизасини ташкил этиш ва ҳужжатларни архивларга сақлаш учун топширишга тайёрлаш бўйича услубий ва амалий ишларни ўтказиш ҳамда давлат архивларининг жамлаш манбаи бўлган ташкилот, муассаса, корхоналарнинг Марказий эксперт комиссиялари (МЭК) ва эксперт комиссиялари (ЭК) фаолиятига раҳбарлик қилиш ва уни мувофиқлаштириш учун тузиладиган доимий фаолият юритувчи комиссия;

Марказий эксперт-текшириш комиссияси (МЭТК) — услубий ва амалий ишларни олиб бориш учун, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди ҳужжатларини доимий сақловчи вазирликлар, идоралар, тармоқ давлат фондлари ва ташкилотларининг МЭКларига раҳбарлик қилиш ва уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўзархив» агентлиги (бундан буён матнда «Ўзархив» агентлиги деб юритилади) қошида иш олиб борадиган доимий фаолият кўрсатувчи комиссия;

Эксперт-текшириш услубий комиссияси (ЭТУК) — ҳужжатларнинг қимматлилигини аниқлаш экспертизасини ўтказишнинг илмий-услубий ва амалий масалаларини кўриб чиқиш, шу жумладан бошқарув (иш юритиш), илмий-техника ва бошқа махсус ҳужжатларни архивда сақлашга топшириш учун тайёрлаш бўйича услубий ва амалий ишларни олиб борувчи, шунингдек ташкилотларнинг ЭК ва МЭКларининг фаолиятини ташкилий-услубий жиҳатдан бошқаришни амалга оширувчи марказий давлат архивларида тузиладиган доимий фаолият кўрсатувчи комиссия.

II. Давлат архивларининг асосий жамлаш манбалари таркибини аниқлаш

4. Қуйидагилар давлат архивларининг асосий жамлаш манбаларини аниқлаш мезонлари ҳисобланади:

ташкилотнинг тизимдаги аҳамияти;

юқори турувчи ташкилот фондидаги режа-ҳисобот ва ахборот-таҳлилий ҳужжатларининг такрорийлик даражаси ва ахборотнинг тўлиқ акс эттирилиши.

5. Давлат архивларининг асосий жамлаш манбалари бўлган ташкилотлар «Ўзархив» агентлиги, унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги архив иши бўйича ҳудудий бошқармалари, шунингдек уларга бўйсунувчи давлат архивлари томонидан аниқланади.

Давлат архивларининг асосий жамлаш манбалари ҳисобланган ташкилотлар Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фондининг (бундан буён матнда МАФ деб юритилади) давлатга тегишли қисми таркибига киритилган архив ҳужжатларини идоравий архивларда вақтинча сақлаш муддатлари ўтгач белгиланган тартибда давлат архивларига топширади.

6. Давлат архивларининг асосий жамлаш манбалари таркибига қуйидагилар киради:

фаолиятида МАФ давлатга тегишли қисми таркибига киритилган ҳужжатлар яратиладиган ташкилотлар;

илгари давлат мулки эгалигида бўлган, мулкчилик шаклини ўзгартиргунга қадар улар фаолиятида шаклланиб, МАФнинг давлатга тегишли қисми таркибига киритилган архив ҳужжатларини вақтинча сақловини амалга ошираётган ташкилотлар;

ҳужжатлари МАФнинг давлатга тегишли бўлмаган қисми таркибига киритилган, ўз ҳужжатларини шартнома асосида давлат архивига доимий сақлашга топширган сиёсий партиялар, касаба уюшмалари, диний ташкилотлар ҳамда бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари;

мулкчилик шаклини ўзгартирган МАФнинг давлатга тегишли қисми таркибига киритилган архив ҳужжатларини вақтинча сақловини амалга ошираётган ташкилотлар.

7. Давлат архивларининг жамлаш манбалари таркиби қуйидаги кетма-кетликда аниқланади:

давлат архивининг жамлаш зонасида жойлашган ташкилотларни саралаш;

ташкилот томонидан бажариладиган вазифа ва функцияларни таҳлил қилиш;

ташкилот фаолиятида шаклланадиган ҳужжатларнинг таркибини ўрганиш;

ташкилотни давлат архивининг асосий жамлаш манбалари таркибига киритиш тўғрисидаги масалани ҳал этиш.

8. Давлат архивларининг расмий сўрови асосида статистика органлари ҳар йили 20 декабргача давлат архивининг жамлаш зонаси миқёсидаги фаолият кўрсатаётган ва тугатилган ташкилотлар тўғрисидаги статистик маълумотларни тақдим этиб боради.

Бунда давлат архивларининг асосий жамлаш манбалари таркиби статистик маълумотлар асосида шакллантирилиб борилади.

9. Давлат архивларининг асосий жамлаш манбалари таркибини сифатли шакллантиришда ташкилот томонидан бажариладиган вазифа ва функцияларни таҳлил қилиш ташкилотга юбориладиган давлат архивларининг расмий сўрови асосида амалга оширилади.

10. Ташкилотнинг вазифа ва функцияларини сифатли таҳлил қилиш учун ахборот ҳажми етарли бўлмаган тақдирда, ташкилот раҳбарияти билан келишилган ҳолда ташкилот фаолиятида шаклланадиган ҳужжатларнинг таркиби, йиғмажилдлар номенклатураси ва иш юритиш бўйича йўриқномалардан келиб чиқиб қўшимча равишда таҳлил қилинади.

11. Давлат ёки хўжалик бошқаруви органи тизимига тегишли бўлган бир турдаги ташкилотлар аниқланганда қуйидагилар амалга оширилади:

архивнинг жамлаш зонасида жойлашган бошқарув органи тизимидаги барча ташкилотлар тармоғини ва уларнинг бўйсунувини таҳлил қилиш;

давлат архивларининг асосий жамлаш манбалари рўйхатида мавжуд бўлган ҳамда МАФнинг давлатга тегишли қисми таркибига киритилган архив ҳужжатлари сақловини амалга ошираётган ташкилотлардаги ўзгаришларни (мулкчиликнинг бошқа шаклига ўтиш, қайта ташкил этилиш, тугатилиш ва бошқалар) аниқлаш.

12. Муайян бир ташкилотнинг тизим ташкилотлари ҳужжатлари таркиби ва мазмунини таҳлил қилиш давлат архивининг жамлаш зонасида жойлашган мазкур ташкилот тизимининг юқори турувчи ташкилотидан бошланади.

Бир турдаги бир нечта ташкилотдан базавий ташкилотлар сифатида давлат архивининг жамлаш зонасидаги бир ёки бир нечтаси танлаб олинади.

III. Ташкилотларни давлат архивларининг асосий жамлаш манбалари таркибига киритиш

13. Муайян бир ташкилотни ёки алоҳида ташкилотлар гуруҳини давлат архивларининг асосий жамлаш манбалари таркибига киритишни ўрганиш натижалари қуйидагилар акс эттирилган маълумотномада расмийлаштирилади:

ушбу ташкилот фаолиятида акс эттириладиган минтақанинг (республика, вилоят, туман, шаҳар) иқтисодий, илмий, ижтимоий, маданий, ижтимоий-сиёсий ҳаётига хос бўлган томонлари;

ташкилотнинг тармоқ тизими ёки ижтимоий ҳаётда тутган ўрни;

ташкилот фаолиятининг кўлами;

ташкилотнинг асосий функциялари акс эттирилган ҳужжатларнинг турлари;

ҳужжатларини қабул қилиш белгиланган бир ташкилот ёки алоҳида ташкилотлар гуруҳининг давлат архивларининг асосий жамлаш манбалари таркибига киритилиши мақсадга мувофиқлиги тўғрисида хулоса.

14. Давлат архивларида ҳужжатларни жамлаш учун ташкилотларнинг ҳужжатлари қуйидаги турлар бўйича қабул қилинади:

тўлиқ қабул қилиш — ташкилотлардан доимий сақланадиган ҳужжатларнинг бутун жамланмаси қабул қилинади;

тури бўйича танланма қабул қилиш — ҳар бир ташкилотдан муайян турдаги ҳужжатларнинг алоҳида тоифаси қабул қилинади;

гуруҳ бўйича танланма қабул қилиш — муайян турдаги алоҳида, махсус танланган ташкилотлардан доимий сақланадиган ҳужжатларнинг тўлиқ жамланмаси қабул қилинади.

15. Тўлиқ қабул қилишнинг жамлаш манбаларига илмий-тарихий ва маданий-сиёсий аҳамиятга эга бўлган ва доимий сақланадиган архив ҳужжатларига эга ташкилотлар киради.

16. Тури бўйича танланма қабул қилишнинг жамлаш манбаларига давлат архивига алоҳида ҳужжатлари келиб тушадиган ва асосий режали-ҳисобот ва ахборот-таҳлилий ҳужжатлари юқори турувчи ёки бошқа ташкилотлар фондлари таркибида бўлиб, айнан шу давлат архивига келиб тушадиган ташкилотлар киради. Агар ушбу ташкилотлар ягона давлат архивининг жамлаш зонасига кирмаса, тури бўйича танланма қабул қилиш тўлиқ қабул қилишга алмаштирилади.

17. Гуруҳ бўйича танланма қабул қилишнинг жамлаш манбаларига фаолиятида бир турдаги ахборотни сақловчи, таркиби бўйича ўхшаш ҳужжатлар мажмуасини пайдо қилган ташкилотлар киради. Бу ҳолда бир турдаги ташкилотлар гуруҳидан тарихий аҳамияти муҳимроқ бўлган, гуруҳдаги ташкилотлардан фаолият миқёси, жойлашган жойи ёки бошқа хусусиятлари билан ажралиб турувчи ташкилотлар танлаб олинади.

18. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, давлат ташкилотлари, илмий-тадқиқот ташкилотлари давлат архивининг асосий жамлаш манбалари таркибига сўзсиз киритилади.

Давлат архивларининг асосий жамлаш манбалари таркибига тармоқнинг муҳим ишлаб чиқариш — саноат ва ижтимоий функцияларини бажарадиган ташкилотлар (мазкур ҳудуднинг иқтисодиётини белгиловчи заводлар, фабрикалар, таълим муассасалари) киради, бундан МАФнинг ҳужжатларини доимий сақловчи вазирликлар, идоралар, тармоқ давлат фондлари ва ташкилотлари мустасно.

19. Ташкилот таркибидаги тузилмаларнинг (алоҳида юридик шахс мақомига эга бўлмаган таркибий бўлинмалар, директорлар кенгаши, вакиллар йиғилиши ва ҳ. к.) ҳужжатлари давлат архивларига улар фаолият кўрсатаётган ташкилот фонди таркибида топширилади.

20. Ташкилотларни давлат архивларининг асосий жамлаш манбалари таркибига киритиш тўғрисидаги масала тегишли ЭТК (ЭТУК)ларда кўриб чиқилади.

ЭТК (ЭТУК)да ташкилотни жамлаш манбаига киритиш масаласини кўриб чиқиш учун тегишли давлат архиви томонидан қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

ҳужжатли фонд ташкил этувчи ташкилот ва архив фондининг тарихи бўйича маълумотлар акс эттирилган тарихий маълумотнома, ташкилот ҳужжатларининг таркиби ва мазмуни ҳақида қисқача тавсифнома ва архив илмий-маълумотнома аппарати тизими;

йиғмажилдлар номенклатураси;

ташкилотни давлат архивининг асосий жамлаш манбалари таркибига киритиш тўғрисидаги маълумотнома.

21. Ташкилотни давлат архивларининг асосий жамлаш манбалари таркибига киритиш тўғрисидаги маълумотнома 3 нусхада тузилади: биринчи нусха ташкилотнинг давлат архиви томонидан юритиладиган кузатув йиғмажилдга жойлаштирилади, иккинчи нусха архив иши бўйича тегишли ҳудудий бошқарманинг ЭТК (Ўзбекистон Республикасининг Марказий давлат архивида — ЭТУК) иш юритишида фойдаланиш учун олиб қўйилади, учинчи нусха ташкилот раҳбарига ЭТК (ЭТУК)нинг ташкилотни давлат архивининг асосий жамлаш манбалари рўйхатига киритиш тўғрисидаги қароридан кўчирма билан биргаликда юборилади.

22. ЭТК (ЭТУК)нинг маъқуллаш тўғрисидаги қарори мазкур ташкилотни давлат архивининг асосий жамлаш манбалари рўйхатига киритилишига асос бўлиб хизмат қилади.

IV. Давлат архивларининг асосий жамлаш манбалари рўйхатини тузиш, расмийлаштириш ва юритиш

23. Давлат архивларининг асосий жамлаш манбалари рўйхатини тузиш қуйидагиларга мувофиқ амалга оширилади:

давлат архивининг жамлаш зонасида ташкилотлар ихтисослиги ва тармоқ тизимларининг фаолияти;

ҳар бир турдаги ташкилот, шунингдек у ёки бу турдаги муайян ташкилотнинг фаолияти хусусиятлари;

архив муассасалари, мавжуд давлат архивлари тармоқларининг йўлга қўйилган иш амалиёти.

24. Давлат архивларининг асосий жамлаш манбалари рўйхати ҳар бир архивда мазкур Низомнинг иловасида келтирилган шаклга мувофиқ тузилади.

25. Давлат архивларининг жамлаш манбалари бўлган барча тармоқ ташкилотларини қамраб олиш мақсадида маълум бир йўналиш бўйича фаолият кўрсатаётган нодавлат ташкилотлари ҳам давлат архивларининг асосий жамлаш манбалари рўйхатига киритилади.

26. Давлат архиви томонидан асосий жамлаш манбалари рўйхати билан бир қаторда давлат архивини жамлаш манбаларининг қўшимча ва эҳтимолий рўйхатлари ҳам тузилади.

27. Давлат архивларини жамлаш манбаларининг қўшимча рўйхатига архив ҳужжатлари шартнома бўйича вақтинча ёки депозитар сақлаш учун давлат архивига топширилган ташкилотлар киритилади.

28. Ҳужжатлари МАФ таркибига киритилиши мумкин бўлган, бироқ бу бўйича ҳали битимга эришилмаган ташкилотлар давлат архивларининг жамлаш манбалари эҳтимолий рўйхатига киритилиши мумкин.

29. Давлат архивининг асосий жамлаш манбалари рўйхатлари лойиҳаси ва ташкилотни давлат архивининг асосий жамлаш манбалари таркибига киритиш тўғрисидаги маълумотнома уни асослайдиган ҳужжат билан биргаликда архив иши бўйича тегишли ҳудудий бошқармаларга ЭТКда кўриб чиқиш учун тақдим этилади.

30. Ўзбекистон Республикаси марказий давлат архивларининг асосий жамлаш манбалари рўйхатлари ЭТУКда кўриб чиқилиб маъқуллангандан кейин, «Ўзархив» агентлигининг МЭТКсига тақдим этилади.

31. Тегишли давлат архивларининг асосий жамлаш манбалари таркиби ва ҳужжатларни қабул қилиш тури масалалари бўйича келишмовчиликлар тегишли ЭТК (МЭТК) йиғилишларида овозга қўйиш орқали кўпчилик овози билан ҳал этилади.

32. Зарур ҳолларда мунозарали масалаларни қўшимча равишда ўрганиб чиқиш учун ЭТК (МЭТК) мажлисида такрорий кўриб чиқиш тўғрисида қарор қабул қилинади.

Мунозарали масалалар тегишли ЭТК (МЭТК) йиғилишларида ҳал этилмаган тақдирда, архив иши бўйича тегишли ҳудудий бошқарма бошлиғи («Ўзархив» агентлиги бош директори) якуний қарорни қабул қилади.

33. Давлат архивларининг асосий жамлаш манбалари рўйхати лойиҳасининг келишилиши тўғрисидаги ЭТК (МЭТК) қарори ЭТК (МЭТК) мажлиси баённомасида қайд этилади ва тасдиқлаш учун архив иши бўйича тегишли ҳудудий бошқарма бошлиғига («Ўзархив» агентлиги бош директорига) тақдим этилади.

Рўйхатнинг охирида, пастки чап бурчагида «Архив иши бошқарув органининг ЭТК (МЭТК) билан келишилган» деган штамп қўйилади ва раҳбар томонидан тасдиқланиб, баённоманинг рақами ва санаси кўрсатилади.

34. Архив иши бошқарув органи ЭТК (МЭТК)нинг давлат архивларининг асосий жамлаш манбалари рўйхатини келишиш тўғрисидаги қарори архив иши бўйича ҳудудий бошқарма раҳбари (Ўзбекистон Республикаси марказий давлат архивларида — директори) томонидан тасдиқлаш учун асос бўлиб хизмат қилади.

35. Давлат архивларининг асосий жамлаш манбалари рўйхатларини аниқлаштириш бўйича ишлар давлат архивлари томонидан мунтазам, бироқ йилига камида бир марта олиб борилади ҳамда давлат архивларининг жорий иш режаларида қайд этилади.

36. Давлат архивларининг тегишли ходимлари ташкилотлар билан боғлиқ ўзгаришларни (ташкилотларнинг тугатилиши ёки қайта ташкил этилиши, давлат ташкилотларининг мулкчиликнинг нодавлат шаклига ўтиши) мунтазам кузатиб борадилар ва архивларнинг асосий жамлаш манбалари рўйхатларига тегишли ўзгартириш ва аниқликлар киритадилар.

Бунда ЭТК (МЭТК) томонидан давлат архивларининг асосий жамлаш манбалари рўйхатига киритиладиган ўзгартириш ва аниқликлар ушбу рўйхатни тузиш тартибига мувофиқ амалга оширилади.

37. Давлат архивининг асосий жамлаш манбалари рўйхати ҳар йили январь ойида режа асосида ҳамда ушбу рўйхатга ташкилотлар таркибининг жиддий ўзгаришига олиб келувчи муҳим ўзгаришлар киритилган тақдирда қайта кўриб чиқилади.

V. Якуний қоидалар

38. Мазкур Низомнинг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

39. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси билан келишилган.

Давлат статистика қўмитаси раиси Б. ТЎРАЕВ

 

  Yuklab olish (*.doc 74 kb)