ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИ ҲУЗУРИДАГИ «ЎЗАРХИВ» АГЕНТЛИГИ БОШ ДИРЕКТОРИНИНГ

БУЙРУҒИ

АРХИВЛАР ВА ИДОРАВИЙ АРХИВЛАР ТОМОНИДАН ПУЛЛИ АСОСДА КЎРСАТИЛАДИГАН ХИЗМАТЛАР НОМЕНКЛАТУРАСИНИ ТУЗИШ ВА ТАСДИҚЛАШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2014 й., 37-сон, 480-модда)

[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2014 йил 12 сентябрда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2615]

Ўзбекистон Республикасининг «Архив иши тўғрисида»ги Қонуни ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 5 апрелдаги 101-сонли қарори билан тасдиқланган Архивлар ва идоравий архивлар томонидан хизмат кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ буюраман:

1. Архивлар ва идоравий архивлар томонидан пулли асосда кўрсатиладиган хизматлар номенклатурасини тузиш ва тасдиқлаш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Бош директор А. АБДУЛЛАЕВ

Тошкент ш.,

2014 йил 25 август,

62-сон

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўзархив» агентлиги бош директорининг 2014 йил 25 августдаги 62-сонли буйруғига
ИЛОВА

Архивлар ва идоравий архивлар томонидан пулли асосда кўрсатиладиган хизматлар номенклатурасини тузиш ва тасдиқлаш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг «Архив иши тўғрисида»ги Қонуни ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 5 апрелдаги 101-сонли қарори билан тасдиқланган Архивлар ва идоравий архивлар томонидан хизмат кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ, архивлар ва идоравий архивлар томонидан пулли асосда кўрсатиладиган хизматлар номенклатурасини (бундан буён матнда хизматлар номенклатураси деб юритилади) тузиш ва тасдиқлаш тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

архив — архив ҳужжатларини жамлаш, ҳисобга олиш, сақлаш ва улардан фойдаланишни амалга оширувчи муассаса;

идоравий архив — юридик шахснинг архив ҳужжатларини жамлаш, ҳисобга олиш, сақлаш ва улардан фойдаланишни амалга оширувчи таркибий бўлинмаси;

хизматлар номенклатураси — архив ёки идоравий архив томонидан юридик ва жисмоний шахсларга пулли асосда кўрсатиладиган хизмат турлари рўйхати.

2. Архивлар ва идоравий архивлар ўз таъсис ҳужжатларида белгилаб қўйилган фаолият турлари доирасида Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 5 апрелдаги 101-сонли қарори билан тасдиқланган Архивлар ва идоравий архивлар томонидан хизмат кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ бепул ва пулли хизматлар кўрсатади.

3. Мазкур Низомнинг 1-иловасидаги Архивлар ва идоравий архивлар томонидан пулли асосда кўрсатиладиган хизматлар рўйхатида назарда тутилган хизматлар архивлар ва идоравий архивлар томонидан пулли асосда кўрсатилади.

4. Ҳар бир архив ёки идоравий архив томонидан пулли асосда кўрсатиладиган хизматлар рўйхати улар томонидан мазкур Низомга мувофиқ ишлаб чиқиладиган хизматлар номенклатурасида кўрсатилиши зарур.

2-боб. Хизматлар номенклатурасини тузиш

5. Хизматлар номенклатураси мазкур Низомнинг 1-иловасидаги Архивлар ва идоравий архивлар томонидан пулли асосда кўрсатиладиган хизматлар рўйхати асосида тузилади.

6. Муайян хизмат турини хизматлар номенклатурасига киритиш учун:

тегишли хизмат тури архив ёки идоравий архивнинг таъсис ҳужжатларида белгилаб қўйилган фаолият турларига мувофиқ бўлиши;

архив ёки идоравий архив тегишли хизмат турини сифатли амалга ошириш учун зарур илмий-услубий салоҳиятга ва техник жиҳозларга эга бўлиши талаб этилади, мазкур Низомнинг 7-бандида белгиланган ҳоллар бундан мустасно.

7. Архив ёки идоравий архив муайян хизмат турини сифатли амалга ошириш учун зарур илмий-услубий салоҳиятга ва техник жиҳозларга эга бўлмаса, бошқа ташкилотларнинг илмий-услубий салоҳияти ва техник жиҳозларидан шартнома асосида фойдаланган ҳолда пулли хизматлар кўрсатиши мумкин. Бунда ушбу хизмат турлари ҳам хизматлар номенклатурасига киритилади.

8. Хизматлар номенклатураси ҳар календарь йил учун алоҳида тузилади. Келгуси календарь йил учун хизматлар номенклатураси йил охирига қадар тасдиқланиши лозим.

9. Хизматлар номенклатурасини ҳар йили қайта тасдиқлашда архив ёки идоравий архивнинг таъсис ҳужжатларида, илмий-услубий салоҳияти ва техник жиҳозлар билан таъминланиш даражасида юз берган ўзгаришларга мувофиқ муайян хизмат турлари хизматлар номенклатурасига киритилади ёки ундан чиқариб ташланади.

10. Муайян хизмат турини амалга ошириш учун буюртмалар берилмаганлиги мазкур хизмат турини хизматлар номенклатурасидан чиқариб ташлаш учун асос бўлмайди.

3-боб. Хизматлар номенклатурасини келишиш, тасдиқлаш ҳамда унга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш

11. Ўзбекистон Республикаси марказий давлат архивлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар номенклатураси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўзархив» агентлиги билан;

Қорақалпоғистон Республикаси марказий давлат архивлари, вилоят, шаҳар ва туман давлат архивлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар номенклатураси тегишли архив иши ҳудудий бошқармалари билан;

идоравий архивлар томонидан кўрсатиладиган хизматлар номенклатураси ташкилотнинг эксперт комиссияси ёки марказий эксперт комиссияси билан келишилади.

12. Келишиш учун тақдим этилган хизматлар номенклатурасига пулли хизматлар нархномаси илова қилинади.

13. Келишилган хизматлар номенклатураси тегишли архив ёки идоравий архив раҳбари ёхуд унинг вазифасини бажарувчи шахс томонидан мазкур Низомнинг 2-иловасигамувофиқ шаклда тасдиқланади.

14. Архив ёки идоравий архивнинг таъсис ҳужжатларида, илмий-услубий салоҳияти ва техник жиҳозлар билан таъминланиш даражасида ўзгариш юз берганда, хизматлар номенклатурасига уни тасдиқлаш тартибига мувофиқ тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши лозим.

4-боб. Якуний қоидалар

15. Архивлар ва идоравий архивлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўзархив» агентлигига мазкур Низомнинг 1-иловасидаги Архивлар ва идоравий архивлар томонидан пулли асосда кўрсатиладиган хизматлар рўйхатида назарда тутилган муайян хизмат турининг ўз амалий аҳамиятини йўқотганлиги ҳақида ёки ушбу рўйхатда назарда тутилмаган янги хизмат турини жорий этиш зарурати ҳақида таклифлар билан мурожаат қилишга ҳақли.

16. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

 

  Yuklab olish (*.doc 100 kb)