Тошкент шаҳридаги “Hyatt Regency Tashkent” меҳмонхонасида 2022 йил 9 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси ҳамда Фанлар академияси Тарих институти ҳамкорлигида “Ўзбек хотин-қизларининг давлатчилик тарихимиздаги ўрни ва хизматлари” умуммиллий илмий йиғилиши ва “Мўътабар аёл” архив ҳужжатлари кўргазмаси ташкил этилди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, вазирлик, идора ва ташкилотларда фаолият олиб бораётган раҳбар аёллар, Фанлар академияси Тарих институти, Ёшлар парламенти аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги фаол хотин-қизлар, жамоатчилик вакиллари, “Ўзархив” агентлиги тизимидаги архив муассасалари, блогерлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этдилар. Ташкилотчилар Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси


Тарих институти директори А.Зиё, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси, Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси раиси Т.Нарбаева, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси З.Маҳкамова ва бошқа тадбир иштирокчиларида архив ҳужжатлари кўргазмаси алоҳида таъссурот қолдирди.