Ўзбекистон КФФҲ Миллий архивининг жорий йил 18 август куни ташкил этилган Ўзбекистон тасвирий санъат галереясидаги архив ҳужжатлари фотокўргазмаси «Самарқанддан мактуб» деб номланди. Кўргазма миллатпарвар публицист, матбуотчи,  драматург, ўзбек театри асосчиси, тараққийпарвар сиёсатчи, диний арбоб, жадидчилик харакати намоёндаси Маҳмудхўжа Беҳбудий (1875-1919 йй.) ҳаёти ва ижодига бағишланди.

Самарқанддан ўтган асрнинг биричи чорагида юборилган мактуб, бугун Тошкентда, йигирма биринчи асрнинг биринчи чорагида ўзгача янграйди. Унда миллатни кемирувчи ички иллатлар, ташқи таъсир, тараққий топган давлатларнинг илмий салоҳиятидан фойдалана билиш, маданий ва маърифий ўзига хослик ҳақида баҳс кетади.

Кўргазмада Беҳбудий давридаги Самарқандга ҳос бўлган, Самарқанд мактабига оид амалий санъат намуналари (Ўзбекистон Бадиий академияси коллекциясидан), фото ва видеоҳужжатлар (Ўзбекистон кинофотофоно хужжатлар миллий архиви ва шахсий архивлардан) уларнинг нусхалари ва Беҳбудийнинг хусусий матбаасида чоп этилган ўқув-қўлланма, «Ойина» журналининг асл нусҳаси ва бошқа турли хил экспонатлар намойиш этилди.